Қўшма штатлар давлат тўнтаришига уринишдан кейин узилган Туркия билан авиақатновларни тиклади. Лекин бу мамлакатда террористик хуруж таҳдиди сақланиб қолаётгани учун фуқароларга бу мамлакатга бормаслик тавсия этилмоқда.

"Ҳаво транспорти федерал агентлиги (FAA) Туркияда давлат тўнтаришига уриниш юз бергач, 2016 йилнинг 15 июлидан хавфсизлик нуқтаи назаридан бу мамлакат билан авиақатновларни бекор қилганди... Эндиликда АҚШ ва Туркия ўртасидаги авиақатновлар тикланди", дейилган АҚШ Давлат департаменти хабарида.

15 июль оқшомида ҳарбийлар Туркияда ҳукуматни қўлга олгани ҳақида маълум қилишди. 16 июль куни тонгида исён бостирилди. Туркия ҳукумати давлат тўнтаришига уриниш муваффақиятсиз якунлангани ҳақида эълон қилди.

Туркия ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари шу вақтгача исёнга алоқадорлиги гумон қилинган шахсларни қўлга олишда давом этмоқда. Айни вақтга келиб 7500 киши қўлга олинган.

Туркия ТИВ тарқатган хабарга кўра, тўқнашувлар вақтида икки томондан жами 290 киши ҳалок бўлган.

Туркия ҳукумати давлат тўнтаришига уриниш ташкилотчиси сифатида АҚШда истиқомат қилувчи Фатҳуллоҳ Гуленни кўрсатмоқда.