Сирасини айтганда, кеча ким эдигу, бугун ким бўлганлигимизни теран ҳис килиш учун мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллик даври мобайнида босиб ўтилган мураккаб йўлимизга яна бир бор назар ташлашимиз кифоя. 

Ўтган муддат, чин маънода, мамлакатимиз ҳаётида туб бурилишлар, янгиланишлар даври бўлди. Нега деганда, Президентимиз раҳнамолигида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида нафақат иқтисодиётнинг барча соҳасида мисли кўрилмаган натижаларга эришилди, балки юртдошларимизнинг онгу тафаккури юксалиб, ҳаётга ва меҳнатга муносабати бутунлай ўзгарди. 

Хусусан, бутун дунёда эътироф этилган тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида молия муассасаларини ислоҳ қилиш ҳамда янада ривожлантириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрилгани туфайли қисқа муддатда Ўзбекистонда мустақил банк тизими яратилди. Акциядорлик тижорат Халқ банкининг ўз фаолияти барқарорлигини таъминлаш, аҳоли ишончини мустаҳкамлаш, ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаган ҳолда, замонавий банк хизматларини кўрсатиш борасида амалга ошираётган ишлари бунга ёрқин мисол бўла олади. 

Маълумки, собиқ иттифоқ даврида банк тизими ниҳоятда қолоқ аҳволда бўлгани учун, ҳеч бир халқаро ташкилот томонидан бирор марта ҳам эътироф этилмаган эди. Мустақиллик йилларида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда соҳада тизимли ислоҳотлар рўёбга чиқарилиши, бу жараёнда тегишли Фармон ва қарорлар талаблари ҳаётга изчил татбиқ қилиниши самараси ўлароқ, юртимиз банклари қаторида Халқ банки ҳам мунтазам равишда Standard & Poors халқаро рейтинг агентлигининг ижобий баҳосига сазовор бўлмоқда.

Шу билан бирга, Ваnk Ехро банк фаолияти технологиялари, ускуналари ва хизматлари миллий кўргазмаси ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда.  
Дарҳақиқат, мустақиллик шарофати билан республикамиз банк тизимида, шу жумладан, Халқ банкида қатор янги хизмат турлари жорий этилди.

Янги тўлов тизими барча ҳудудни қамраб олмоқда

Кўпгина чекка қишлоқларда яшовчи фуқароларимиз илгари коммунал ва бошқа тўловларни амалга ошириш учун туман марказларига борганликлари ҳаммамизга маълум. Халқ банки уларнинг манфаатларини кўзда тутган ҳолда, нафақат шаҳар ва туманларда, балки қишлоқ жойларда, маҳаллаларда филиаллар, махсус кассалар, жамғарма ва сайёр кассалар ташкил этиб, замонавий технологиялар воситасида аҳоли талаблари бўйича банк хизматлари кўрсатишга ҳаракат қилиб келмоқда. Чунончи, банк ходимлари ўша ҳудудларга бориб, аҳолидан нақд пул ва тўлов терминалларидан қабул қилинган тўловларни планшетларга ўрнатилган махсус дастур орқали онлайн тизимида корхоналарнинг ҳисоб рақамларига ўтказиб келмоқда. 

Айниқса, дам олиш кунларида ҳам банк ходимлари бундай юмушни бажараётгани фуқароларимизга манзур бўлмоқда.

Хавфсизлик ва ишонч гарови

Халқ банки тизимида замонавий ахборот технологияларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, бу молия бозорида рақобатбардошлик даражасини барқарорлаштириш, хизмат кўрсатиш хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. 

Бугунги кунда Халқ банк тизимида қўшимча равишда янги биометрик технологиялар асосида мижозларнинг “бармоқ изи” бўйича омонатларга маблағларни қабул қилишда тезкор, ишончли ва кам вақт олувчи тизим яратилган.  

Ушбу тизим бўйича банкнинг жамғарма кассаларидаги махсус ридер ускунаси асосида омонатчиларга омонат ҳисоб варақлар очиш чоғида кейин бўладиган операцияларни фақатгина уларнинг иштирокида амалга ошириш учун уларнинг бармоқ изларидан намуналар олинади. 

Ушбу тизимнинг ютуқли томони омонатчининг иштирокисиз ҳеч қандай операциялар (фоизлар ҳисобланишидан ташқари) амалга оширилмаслигидир. 
Мазкур хизмат жорий йилнинг июль ойидан бошлаб банкнинг барча филиалларида тўлиқ жорий этилди.

“Интернет банкинг” ва “Мобиль банкинг” афзалликлари

Халқ банки томонидан кейинги йилларда “Интернет банкинг”ва “Мобиль банкинг” тизимларини жорий этиш бўйича муайян ишлар олиб борилмоқда. Пировардида мазкур хизматлар молия муассасаси фаолияти самарадорлигини ошириш билан бирга, мижоз учун ҳам қўшимча қулайликлар яратаяпти.

Гап шундаки, мижоз ўз ҳисоб варағи бўйича амалларни банкка бормасдан, хоҳлаган жойда туриб, истаган вақтда интернет орқали бажариши, яъни  ҳисоб варағидаги маблағларни ўтказиш, уларнинг ҳолати, маблағнинг келиб тушиши, тўловларнинг акс этишига  доир маълумотларни олиши мумкин.

Бу унинг вақтини тежаши, манзилнинг узоқ-яқинлигига қарамасдан, маблағини тезкор бошқариши учун афзалликлар эмасми?

Эътиборлиси, сиз ҳақингиздаги ҳар қандай маълумот сир сақланиши қонун билан белгиланган бўлиб, унга амал қилиш Халқ банки томонидан кафолатланади. 

“SMS-хабарнома” хизмати

Акциядорлик тижорат Халқ банкининг жамғариб бориладиган пенсия тизими иштирокчилари учун “SMS-хабарнома” хизмат тури жорий этилди. 

Ушбу интерактив хизмат тури Халқ банкида Жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизими иштирокчиларига янги, замонавий хизмат турлари кўламини кенгайтириш ҳамда ахборот коммуникация соҳасидаги илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда мижозларга тез ва ишончли хизмат кўрсатиш имкониятини беради. 

Бир сўз билан айтганда, ушбу хизмат мижознинг мобиль алоқа воситалари орқали исталган вақтда шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобрақамидаги маблағлар қолдиғи тўғрисида маълумот олиш имконини берувчи дастурий тизимдир. 

Банк ахборот хизмати.