Сўзамол аскиячиларимиз ва миниатюра театрининг моҳир актёрларини рағбатлантириш, уларни халққа танитиб бориш мақсадида икки йилда бир марта ўтказилаётган “Аския ва миниатюра театрлари усталарининг Республика танлови” ана шундай хайрли ишларнинг амалиётдаги кўринишидир. Ушбу кўрик танловнинг Асака шаҳрида ўтказилган бу йилги катта анжуманига Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар республика маркази, Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди, Республика “Тасвирий Ойина” ижодий уюшмаси ҳамда Андижон вилоят ҳокимлиги ҳамкорлик қилди.

Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятидан аскиячи ва миниатюра театри гуруҳлари ташриф буюрган Асака шаҳрининг сўлим истироҳат боғи кўрик танлов муносабати билан катта сайлгоҳга айланди

Иштирокчилар аскиянинг “пайров", "қофия", "радиф", "тутал", "ўхшатдим", "бўласизми", "баҳри-байт", "сафсана", “гулмисиз, райҳонмисиз”, "ширинкорлик” каби турларидан, қизиқчиликнинг сўз ўйини, қочирим, ҳазил мутойиба, киноя, ташбеҳ, кесатиқ, муболаға, масхарабозлик каби ҳажв санъати воситаларидан кенг фойдаланиб, лўнда, латиф, сермаъно, нимкоса таъсирли, жозибали ва кулгили асарлар ижро этишди.

Асака шаҳрининг ёш аскиячилар гуруҳи ва Сурхондарёнинг “Қўштирноқ” миниатюра театри вакиллари ўз йўналишларида биринчи ўринларга муносиб топилишди. Наманган, Бухоро, Фарғона, Сирдарё, Самарқанд, Андижон вилоятлари намоёндалари иккинчи, учинчи ўринларнинг мукофотлари ва дипломларига сазовор бўлди.

Элмурод Эрматов, Андижон

Фото: Зуҳриддин Умирзақов. O‘zA