Буюк Британия Европа Иттифоқидан чиққандан кейин иммиграция устидан назорат ўрнатади. Бу ҳақда 19 июлда АҚШ Давлат котиби Жон Керри билан музокаралардан кейин Лондондаги матбуот-анжуманида Бирлашган қиролликнинг янги ташқи ишлар вазири  Борис Жонсон  маълум қилди. 

"Биз назоратсиз эркин ҳаракатланиш бўйича мажбуриятларимизни тугатишимиз билан, иммиграция устидан назоратни ўрнатиш мумкин бўлади. Сиз буни дарҳол қила олмайсиз, чунки биз ҳали ҳам Европа Иттифоқидамиз", деб айтди Жонсон.

Жонсон янги лавозимга 13 июлда тайинланган. Буюк Британиянинг Европа Иттифоқида аъзолиги бўйича ўтказилган референдумда Жонсон Европа Иттифоқига шубҳа билдирганлар орасида муҳим шахс ва бош вазир лавозимига асосий номзод бўлган. У Лондон ва Брюссель ўртасидаги мавжуд муносабатларни узишга ҳамда Шарқий Европадан Буюк Британияга келаётган меҳнат муҳожирлари оқими устидан назоратни ўрнатишга чақирган. Европа Иттифоқидан чиқиш тарафдорлари референдумда ғалаба қозонганларидан кейин, Жонсон бош вазир лавозимига курашдан ўз номзодини олиб ташлаган.