Буюк Британияда Ниццадаги фожиали воқеаларни ёритган телебошловчининг ҳижобли бўлгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлди, деб ёзаяпти The Guardian.

Қайд этилишича, журналист аёл Фотима Манжи Channel 4 томошабинларига Ниццадаги террорчиликларга оид хабарни маълум қилган. 

Шундан сўнг, The Sun нашри ўзининг собиқ бош муҳаррири Кельвин Маккензи қаламига мансуб, Манжининг телеэкрандаги кўринишини танқид қилувчи мақоласини чоп этди. 

Маккензининг ёзишича, у терактга бағишланган янгиликлар дастурида рўмол ўраган Манжини кўриши билан «кўзларига ишона олмаган». Журналист буни маъқулламаган. 

Бу мақола ҳам, ўз навбатида кенг жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлди, деб ёзади The Guardian. Хусусан, бир кун ичида ОАВ билан ишлаш агентлиги 300дан ортиқ фуқаронинг мурожаатини қабул қилган. Улар The Sun нашрини ирқчиликда айблаган. 

Channel 4 раҳбарияти ҳам бундан четда турмаган. Улар, Манжини қўллаб-қувватлашларини билдириб, баёнот беришган. Унда таъкидланишича, Маккезни сўзлари «диний ва ирқий кўролмасликни авж олдириш»билан баробардир. Журналистлар миллий иттифоқи ҳам Маккензини қаттиқ танқид қилган.

Шундан сўнг, The Sun таҳририяти, иккинчи мақолани чоп этган. Унинг мазмунига кўра, Манжининг теракт тўғрисидаги хабарни телеэкранда ҳижобда кўринган ҳолда ўқиб бериши, «Британия нақадар буюк ва бағрикенг давлат» эканини кўрсатади.