Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ўлим жазоси мавжуд давлатларни санаб ўтди. Бу ҳақда Би-Би-Си хабар тарқатган.

У айни вақтда қонунчиликка жиноятчиларга ўлим жазосини ҳукм қилиш бандини қайтариш бўйича лойиҳа тайёрланаётгани, агар фуқаролар бу ташаббусни қўллаб-қувватласа парламент бу лойиҳани қабул қилинишини эълон қилган. У шунингдек, Туркия демократик давлат эканини, халқнинг талабини инкор қилиб бўлмаслигини қайд этиб ўтган.

"Бугунги кунда қайси давлатда ўлим жазоси йўқ? Америкадами? Россиядами? Ёки Хитойдами? Бу қандай давлатлар. Фақат Европа Иттифоқидагина ўлим жазоси йўқ", деган Эрдўған.

Бундан олдинроқ ЕИ ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини Туркияда ўлим жазоси тикланса, у Евроиттифоққа кира олмаслигини маълум қилганди.

Туркия ва Евроиттифоқ ўртасидаги музокаралар 10 йилдан бери давом этмоқда.

16 июлга ўтар кечаси ҳарбийлар Туркиядаги ҳокимиятни ўз қўлига олишга уриниб кўрди. Мамлакат президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эса ўз тарафдорларини кўчаларга чиқишга чақирди. Тонгга яқин Туркия ҳукумати мамлакатдаги вазият назорат остига олинганини маълум қилди. Исёнчиларни қўлга олиш ишлари давом этмоқда.

Шу вақтгача исёнга алоқадорлиги гумон қилиниб 7500дан ортиқ киши қўлга олинди.

Тўқнашувлар вақтида ҳалок бўлганлар сони 290 нафардан ортган, 2 мингга яқин киши жароҳатланган.