Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған давлат тўнтаришига уриниш бошланган вақтда смартфонлар учун мобил дастур Facetime орқали халққа мурожаат қилганига изоҳ берди.

"Мен тележурналистларни ва бошқа ОАВ вакилларини чақиришни ҳамда туркияликларга экран орқали мурожаат қилишни истагандим. Лекин одамлар уйда миллий телекомпанияларни кузатиш имконига эга эмасди. Шунда биз "Б режаси"дан фойдаланишга қарор қилдик. Смартфонлар ва бир қатор хусусий телеканаллардан фойдаландик", деган президент CNN учун берган интервьюсида.

У шунингдек исён вақтида оиласи билан Мармарисда бўлгани, агар меҳмонхонада яна 10—15 дақиқага ушланиб қолганида, ҳарбий тўнтариш вақтида уни ўлдирган бўлишларини айтган.

«Ўн бешинчи санада мен Мармарисда эдим, бизда беш кунлик таътил эди. Тахминан кечки ўнда менга янгиликни айтишди, нима бўлаётганидан хабардор қилишди», деди у.

Эрдўған Мармарис курорт шаҳридаги меҳмонхонани тарк этгач, ярим соатдан кейин у ерга давлат тўнтариши тарафдорлари бўлган ҳарбийлар етиб келган эди.

15 июль оқшомида Туркияда тўнтаришга уриниш юз берди. Ҳарбийлар мамлакатдаги ҳокимиятни ўз қўлига олганини эълон қилишди.

Ражаб Тойиб Эрдўған FaceTime орқали алоқага чиқиб, ҳали ҳам қуролли кучларнинг бош қўмондони эканини маълум қилди ва одамларни майдонларга чиқишга чақирди.

Сўнгги маълумотларга кўра, тўқнашувлар вақтида 208 нафар фуқаро ҳалок бўлди, 100 нафар исёнчи ўлдирилди, 1,5 мингга яқин киши эса жароҳатланди.