Туркияда 2 ҳарбий вертолёт ва 25 нафар махсус тайёргарликдан ўтган жангчини қидириш ишлари олиб борилмоқда. Қидирувдаги ҳарбийлар 15 июль куни кечаси Туркия президенти тунаётган Мармарисдаги меҳмонхонага ҳужум қилган жангчилар бўлган.

Hürriyet газетасининг ёзишича, 2 вертолёт ҳарбий давлат тўнтаришига уриниш бошланганида Мармарисга учиб кетганди.

"Вертолётлар номаълум нуқтада қўнган ва шундан бери бедарак кетган", деб ёзган журналист Абдулкадир Селви.

Унинг маълумотига кўра, вертолётларда 25 нафар жангчи бўлган, улар Эрдўғанни қўлга олиш амалиётида иштирок этиши белгиланганди. Лекин уриниш муваффақиятсиз чиққач, улар номаълум жойга яширинишган. 

"Ўрмон ҳудудида йўқолган 2 вертолёт ва 25 жангчи ҳанузгача топилмади", дейилган хабарда.

Эрдўған CNN телеканали эфирида агар Мармарис шаҳридаги меҳмонхонада яна 10—15 дақиқага ушланиб қолганида, ҳарбий тўнтариш вақтида уни ўлдирган бўлишларини айтди. 

Бундан олдинроқ CNN Turk телеканали Мармарисга ҳужум қилган 25 ҳарбийдан 21 нафари озодликда экани ҳақида маълумот тарқатганди. 

16 июлга ўтар кечаси ҳарбийлар Туркиядаги ҳокимиятни ўз қўлига олишга уриниб кўрди. Мамлакат президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эса ўз тарафдорларини кўчаларга чиқишга чақирди. Тонгга яқин Туркия ҳукумати мамлакатдаги вазият назорат остига олинганини маълум қилди. Исёнчиларни қўлга олиш ишлари давом этмоқда.

Шу вақтгача исёнга алоқадорлиги гумон қилиниб 7500дан ортиқ киши қўлга олинди.

Тўқнашувлар вақтида ҳалок бўлганлар сони 290 нафардан ортган, 2 мингга яқин киши жароҳатланган.

Туркия ҳукумати исён АҚШдаги мухолифатлар етакчиси Фатҳуллоҳ Гулен томонидан ташкиллаштирилганини иддао қилмоқда. Гуленнинг ўзи бу айбловни рад этган.