Туркия бош вазири ўринбосари Меҳмет Шимшек Туркия ҳарбий денгиз флотида ҳарбий тўнтаришга уринишдан кейин 14та кема етишмаётгани ҳақидаги хабарни тасдиқламади. Бу ҳақда Reuters хабар тарқатган.

Бундан олдинроқ The Times нашрида 15 июль оқшомидаги воқеалардан сўнг Туркия ҳарбий-денгиз флотида 14 та ҳарбий кема етишмаётгани, бу кемалар Эгей ва Қора денгизда хизматда бўлгани, исён бостирилганидан кейин улар базаларга қайтмагани ҳақида хабар чиқди.

Кейинроқ РИА Новости агентлиги Қора денгиз сувларида Туркиянинг 4та кемаси борлиги ҳақида хабар тарқатди. 

Флот қўмондони Вейсал Кезеле ҳам 16 июлдан бери алоқага чиқмагани, у исёнчилар қўлида гаровда эканлиги ёки ўзи ҳам тўнтариш етакчиларидан бири бўлгани номаълумлигича қолаётгани айтилди.

Шунингдек, Reuters агентлигида ҳарбий тўнтариш тарафдорлари Мармара денгизининг жанубий қирғоғидаги Гелжюк базасида F-240 TCG Yavuz фрегатини қўлга олгани маълум қилинди.