Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган ёзги Олимпиада ўйинлари вақтида хавфсизликни таъминлаш мақсадида Бразилиянинг ўзидан 85 минг нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, шунингдек, 55  мамлакатдан келадиган 250 нафар полиция зобити сафарбар этилади. Бу ҳақда Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) биринчи вице президенти, Рио-де-Жанейрода 2016 йилда ўтадиган Олимпиада ўйинлари мувофиқлаштирувчи комиссияси раиси, марокашлик спортчи Наввал ал Мутаваккил Марокашнинг Le Matin газетасига берган интервьюсида айтиб ўтган.

Унинг сўзларига кўра, "Бразилия ҳукумати имконлари доирасида турнирдан олдин ва кейин ҳам хавфсизликни таъминлашга ҳаракат қилишади".

"Меҳмонларни хавфнинг ҳар қандай кўринишидан ҳимоялаш мақсадида хавфсизлик хизмати Олимпиадага ташриф буюрган ҳар бир кишини кўздан кечирди. 400 минг одам тўғрисидаги маълумотлар текширилди. Улар ичида волонтёрлар, журналистлар ва расмий шахслар ҳам мавжуд", - деди ХОҚ вице-президенти.

Ал Мутаваккилнинг хабар беришича, "хавфсизлик кучлари Олимпия қишлоқчасида, спорт объектларида, сайёҳлик зоналарида, шунингдек, аэропорт ва асосий трассаларга ўхшаш стратегик объектларда патруллик қилишади", деб қўшимча қилди у.