Самарқандда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Хитой Халқ Республикасининг Шэньси провинцияси Хитой халқаро савдо тараққиётига кўмаклашувчи қўмитаси томонидан бизнес-форум ва кооперацион биржа ўтказилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми муттасил ўсиб, жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида 1,4 миллиард долларни ташкил этди. Хитойнинг Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилган инвестициялари ва кредитлари ҳажми 6,5 миллиард доллардан ошган. Мамлакатимизда Хитой капитали иштирокида ташкил этилган 651 корхона фаолият кўрсатмоқда. 75 етакчи фирма ва компания ўз ваколатхонасини очган. Бугунги кунда икки томонлама ҳамкорлик алоқалари, айниқса, юқори технологиялар соҳасида фаол ривожланиб бормоқда.

Бизнес форумда Шенси провинцияси ва Самарқанд вилояти йирик компания ва корпорациялари, фирмалар тоғ-кон саноати, инвестиция ва замонавий технологиялар, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, суғурта фаолияти, сайёҳлик йўналишлари бўйича ўз тақдимотларини ўтказди. Икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари маҳсулот етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш бўйича келишувларга эришди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамда Шенси провинцияси Хитой халқаро савдо тараққиётига кўмаклашувчи қўмитаси ўртасида ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.