Танишларимиздан бири сўзлаб берди. У киши поездда кўп юрар экан. Поезд бир бекатга борганида ҳар галгидек асал сотиб юрадиган бир йигит вагонга чиқибди.
У йигит вагонларни айланиб, асал сотиб келгач, ўша танишимизнинг олдига келиб ўтирибди-да, салом аликдан сўнг тамадди қила бошлабди. У ёқ-бу ёқдан суҳбат бошланибди. Гап айланиб, асал ҳақида сўз кетибди. Маълум бўлишича, асал сотувчи йигит бир идишдагини тоза асал деб, қолганларини тоза эмас, деб сотиб юраркан.

Танишимиз мўминлик фаросати билан йигитнинг бир камчилигини сезиб қолибди ва йигитнинг ўзидан сўраб, бу масалага аниқлик киритиб олибди: йигитнинг тоза асал деб сотаётгани асал экан-у, тоза эмас деб сотаётгани қиём экан. Уларнинг суҳбатини ҳеч ким эшитмаётганини билгани учун танишимиз очиқ танбеҳ берибди:
— Ука, асал бўлмаган нарсани асал деб сотишингиздан ўзингизнинг кўнглингиз розими?
— Ака, шундай қилишга мажбур бўляпман, чунки савдо яхши бўлмаяпти. Қиёмлигини билишса, одамлар умуман олишмайди.
— Укажон, мен сизни бирон кишининг олдида уялтириш учун эмас, Аллоҳ учун айтяпман, “Мўмин мўминнинг кўзгуси”, деган ҳадиси шариф борлигини биласиз. Сиз Аллоҳга таваккул қилинг-да, ё қиёмни умуман сотманг, ё қиёмлигини айтиб сотинг. Сизга тўғрилигингиз учун харидорни Меҳрибон Худои таолонинг Ўзи жўнатади. Ҳозиргача қиммат асал оз сотилаётган бўлса, ундан кейин қанча сотилишини кўрасиз. Шу вақтгача одамларни алдаб, қиёмни асал деб сотганингиз учун астойдил тавба қилиш эсингиздан чиқмасин.
—Хўп, айтганингиздек қиламан — дебди йигит.

Кўпинча, тўй қиладиган одамлар совға салом учун тарқатиб юборишга арзон ва қулай кийим кечаклар излаб қолишади. Қидириб-қидириб шунчалик арзон кўйлаклар топишадики, ўйлаб ҳам ўтиришмасдан, бемалол ўнлаб, яна ҳам кўпроқ сотиб олишади. Сотаётган “ишбилармон”лар харидорларнинг кўйлакларнинг сифатини текшириб кўришларига йўл қўйишмайди. Агар очиб кўришни хоҳлашса, пулини аввалдан тўлашларини ва сотиб олингач, қайтариб бермасликларини шарт қилиб қўйишади. Харидор бу ерда бир гап борлигини билса-да кўйлакларни сотиб олади ва уйга боргач, очиб ҳам кўрмайди. Тўй куни бу совғалар тарқатилади. Ҳадя олган киши уйига бориб очиб кўргач, кимдан хафа бўлишни билмай қолади. Чунки кўйлак на бирор кишининг қоматига тўғри келади, на кийишга, на бирон кишига беришга ярайди, матоси ҳам “ҳалигидақа”. Бу катта қаллоблик кимдан чиққанини билмай, тушунолмай хуноб бўлади.

Бу ерда на ишлаб чиқарувчи, на савдогар, на сотиб олувчи барака топмайди. Чунки барака Аллоҳдан, Аллоҳни эса алдаб бўлмайди. Гап савдо ҳақида кетаётгани учун бу можароларда кўпроқ савдогарни айблаш мумкин. Чунки у шунақа каззоб ишлаб чиқарувчининг маҳсулотларини нафақат сотиб олмаслиги, балки уни инсофга чақириши керак. Чунки бундай қаллоблик маҳсулотларини сотиб олаётганлар биринчи бўлиб сотувчидан норози бўлишади. Кийиб кўрмоқччи бўлганлар совға қилганлардан хафа бўлишади. Ноилож қўл силтаб қўя қолишади. Агар савдогар ишлаб чиқарувчига танбеҳ берса ва сотиб олмаса, ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотини сота олмайди ва “кўзи очилади”.

Ҳар хил маиший техника, машина, мотоцикл ва асбоб ускуналар савдоси билан шуғулланадиганлар ҳақида ҳам шундай гапларни айтиш мумкин.
 
Раҳматуллоҳ Сайфуддинов,
Тошкент шаҳридаги “Мирза Юсуф” жомеъ
масжиди имом хатиби
Манба: mehrob.uz