Шу йилда тақдим этилиши мўлжалланган Xperia F8331 смартфони ниқоби остидаги Sony'нинг янги флагмани суратлари GSMArena сайтида пайдо бўлди. "Айғоқчи" расмларда кўриниб турганидек, янги смартфоннинг кўриниши Z-серия дизайнидан катта фарқ қилади: унинг юқори ва пастки юзалари текис, четлари эса қайрилган.

Унинг олд панелида динамикалари ва NFC-антенналари жойлашган, орқасида эса - камеранинг янги тузилмаси ва иккиламчи LED-чақмоқлари. Xperia F8331 смартфонининг пастки қисмида USB Type-C портини кўриш мумкин, юқори қисмида эса - 3,5 миллиметрли аудиокириш. 

Манбага кўра, янги қурилманинг экрани Xperia X Performance'дан бироз каттароқ бўлади. Бундан ташқари флагманнинг иккита - олд ва орқа камераси ҳам - видеони 4K-сифатда тасвирга олиш имконига эга бўлади. 

Xperia F8331 смартфонининг тақдимот муддати номаълум, лекин у йил охиригача чиқиши керак. Янги қурилма 2016 йилнинг сентябрида Берлинда бўлиб ўтадиган IFA кўргазмасида намойиш этилиши мумкин, зеро Sony'нинг унда иштирок этиши олдиндан маълум.