Энг обрўли ресторан гиди бўлмиш Michelin Нью-Йоркнинг Rockaway пляжида жойлашган Uma’s ошхонасини ўзининг тавсия қилувчи энг яхши масканлари рўйхатига қайд этди. Бу ҳақида Мyday нашри хабар беради.

Uma’s – Нью Йоркдаги ўзбек таомлари ресторани бўлиб, унинг эгалари Конрад Карл ва самарқандлик Умида ҳисобланади. 2013 йилда бу жуфтлик ўзининг кичик бизнесини ташкил қилади ва бу маскан маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар орасида оммалашиб боради.

Michelin қайд этишича, бу ўзбек ошхонасининг лаззатли таъми орқали завқ улаша оладиган биринчи ўзбек ресторанидир. У аввал мазали қатиқ билан тортиқ қилинувчи қайноққина мастава шўрваси, бақлажонли салатдан таътиб кўришни маслаҳат берди. Шунингдек, гўштли манти ва унинг вегетарианча талқини – хонимни ҳам мақтаб ўтди.

Ўзбек ресторанининг муҳити ностандарт қилиб белгиланган. Бино эски деворлар ва дизайнерлик жиҳозлари билан безалган. 

«Умида менюни ўзи тузади ва ўзбек анъаналарига доимо ҳурмат ва эҳтиром ила муносабатда бўлган. Мен ва рафиқам чинакам таомсеварлармиз» – дея қайд этади жаноб Карл.

Умида одамлар орасида Ума деган ном билан танилган ва рестораннинг шеф-ошпази саналади. Меню Осиёнинг миллий таомларидан ташкил топган. Унинг таркибига баъзи рус таомлари ҳам киради. Бу ерда сиз биринчи таомлардан палов, кабоб ва манти тановул қилишингиз мумкин. Агарда қуюқ овқатлардан кўра суюғини афзал кўрсангиз, анъанавий лағмон ёки карам шўрва (борщ) татиб кўришингиз мумкин. Десертига эса пахлава ёки чак-чак буюртма қиласиз. 

«Мен бир хилликдан жуда тез чарчайман. Бу маскан жуда ҳам ажойиб, меню эса доимий тарзда ўзгариб туради» – дейди Wall Street'лик Майк Мэттис. Унинг фикрича - Uma’s оилавий кечки овқат учун ажойиб танлов.

«The New York Times» журналисти Пол Спенсер ҳам рестораннинг ноодатий муҳитини  эътироф этиб, ресторан мижозларидан интервьюлар олди.