Америкалик миллиардер Дональд Трампнинг турмуш ўртоғи Мелания эри АҚШ президентлик сайловларида ғолиб бўлган тақдирда, мамлакатдаги аёллар ва болаларга ёрдам кўрсатишни, шунингдек уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишни режалаштирмоқда. У 18 июль, душанба куни Республикачилар партияси миллий съездидаги чиқишида шу ҳақида маълум қилди. ТАСС агентлиги хабар беради

"Агар менга биринчи рақамли хоним бўлиш имкони берилса, фурсатдан фойдаланиб, мамлакатимиздаги муҳтожларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилар эдим. Айниқса, болалар ва аёлларга ёрдам бериш мен учун муҳим аҳамиятга эга", - деди Трамп хоним. 

"Жамиятга ундаги фуқароларга бўлган муносабатга қараб баҳо берилади, - қўшимча қилди собиқ модель. - Биз барча болалар қулай ва хавфсиз муҳитда яшаши, шунингдек яхши маълумотга эга бўлиши учун қўлимиздан келганча ҳаракат қилишимиз лозим". Шу билан бирга у турмуш ўртоғи Дональд Трампнинг АҚШ президенти бўлиш учун барча зарур фазилатларга эга эканлигига ишонтирди. 

46 ёшли Мелания Трамп 2005 йилдан эътиборан Дональд Трампнинг турмуш ўртоғи ҳисобланади. У асли словениялик бўлиб, қизлик фамилияси Кнаусс, 16 ёшидан моделлик бизнеси билан шуғулланган. Словениядаги университетда дизайнер мутахассислигига эга бўлган,  1996 йилдан бери Нью-Йоркда истиқомат қилади.

Мелания хайрия ишлари билан фаол шуғулланади, 2005 йилдан Қизил хочнинг Америка бўлими "кўнгилли элчиси" ҳисобланади.