Туркия Миллий разведка ташкилотининг камида 180 нафар ходими ҳарбий тўнтаришга уринишдан кейин ўтказилаётган давлат, суд органлари ва армияда бошланган ялпи тозалаш ишлари доирасида ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Yeni Shafaq телеканалига асосланиб, ТАСС агентлиги хабар тарқатди.

Телеканал маълумотига кўра, уларнинг барчаси ташкилотда захира ходимлар сифатида қолишади.

Ўз навбатида Bir gun газетасида "Жиҳан" ахборот агентлигининг 60 нафар ходими лавозимидан четлатилгани ҳақида ёзилган.

16 июлга ўтар кечаси ҳарбийлар Туркиядаги ҳокимиятни ўз қўлига олишга уриниб кўрди. Мамлакат президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эса ўз тарафдорларини кўчаларга чиқишга чақирди. Тонгга яқин Туркия ҳукумати мамлакатдаги вазият назорат остига олинганини маълум қилди. 

Тўқнашув вақтида тинч аҳоли вакилларидан 190 киши, исёнчилардан 100дан ортиғи ҳалок бўлди. Шунингдек, 1500дан ортиқ киши жароҳатланган.

Исёнчиларни қўлга олиш ишлари давом этмоқда.

Шу вақтгача исёнга алоқадорлиги гумон қилиниб 9332 киши қўлга олинди. Улар орасида президентнинг 2 маслаҳатчиси, Туркия дин ишлар бошқармасининг 492 нафар ходими, 100 нафар полициячи, 6038 нафар ҳарбий хизматчи, 755 нафар судья ва прокурорлар, бош вазир канцеляриясининг 250дан ортиқ ходим ҳамда 650 нафар оддий фуқаро бор.