Туркия Таълим вазирлиги соҳадаги 15,2 минг ходимнинг мамлакатда ҳарбий тўнтаришга уринишдан кейин бошланган ялпи тозалаш ҳаракатлари доирасида ишдан бўшатилган.

Бундан ташқари, Туркия олий таълим бошқармаси мамлакатдаги университетлардан 1577 деканни лавозимидан четлаштиришни талаб қилган.

Таълим соҳаси вакилларининг ишдан бўшатилишига уларнинг 15 июль кунги воқеалар ташкилотчилигида айбланган Фатҳуллоҳ Гулен билан алоқадорлиги гумон қилингани бўлмоқда.

Бундан олдинроқ, Туркия бош вазири Биноли Йилдирим "Туркияни Гулен тарафдорларидан тозалаш"га чақирганди.

Бугун Туркия ҳукумати АҚШга Гуленни топшириш бўйича расмий сўров юборди. Гуленнинг ўзи давлат тўнтаришига уринишга алоқадорлигини рад этиб келмоқда.

Туркия суди бугунгача тозалаш ишлари доирасида 85 нафар генерал ва адмиралларни ҳибсга олдирди.

Бугунгача давлат тўнтаришга уринишга алоқадорликда гумон қилиниб қўлга олинганлар сони 9500 нафардан ошган.

Улар орасида президентнинг 2 маслаҳатчиси, Туркия дин ишлар бошқармасининг 492 нафар ходими, 100 нафар полициячи, 6038 нафар ҳарбий хизматчи, 755 нафар судья ва прокурорлар, бош вазир канцеляриясининг 250дан ортиқ ходими, 180 нафар разведкачи ҳамда 650 нафар оддий фуқаро бор.