Туркиянинг Камбожадаги элчиси Илҳом Камол Туғнинг маълум қилишича, мамлакат пойтахти Пномпен шаҳридаги халқаро мактаблардан бири ва яна бир таниқли хусусий университетда "Туркияда давлат тўнтариши амалга ошириш мақсадида террорчилар тайёрланади". Бу ҳақда Cambodia Daily хабар тарқатган.

"Биз Камбожа ҳукумати билан барча соҳаларда яқин ҳамкорлик қиламиз ва менинг ишончим комилки, бу ҳолатда Камбожа биз томонда туради", деган элчи ва шаҳардаги Zaman гуруҳига тегишли барча ўқув муассаслари ёпилиши кераклигини талаб қилган.

Пномпен шаҳрида Zaman гуруҳи ҳомийлигидаги болалар боғчаси, ўрта мактаб ва университет 1993 йилдан буён фаолият кўрсатиб келади. Бу фонд туркиялик мухолифат кучлари раҳбари Фатҳуллоҳ Гуленга тегишли. Гулен эса Туркия ҳукумати томонидан мамлакатдаги ҳарбий давлат тўнтаришига уриниш ташкилотчиси сифатида эълон қилинди. Унинг ўзи бу айбловни инкор қилиб келмоқда. Туркия бугун уни топширишини сўраб, АҚШга расман мурожаат қилди.

Zaman университети ва мактаблар раҳбарияти бугун берган баёнотида айтилишича, гуруҳ Фатҳуллоҳ Гуленнинг маънавий маслаҳатларига таяниб фаолият юргизади, лекин у муассасаларга эгалик қилмайди, бошқарувда иштирок этмайди".

Гуленга алоқадор бўлган Zaman ва бошқа ташкилотлар дунёнинг турли мамлакатларида 800дан ортиқ ўқув муассасалари очишган. Туркия элчисининг газетага маълум қилишича, 2013 йилгача Туркия дипломатияси тизимида Гулен мактаблари тарбияланувчилари ҳам фаолият кўрсатишган, лекин ҳокимият тепасига Эрдўған келгач, бунга барҳам берилган.

"Мен ўтмишдаги муносабатлар туфайли Фатҳуллоҳ Гулен ва Zaman мактаблари ўртасидаги қалин алоқалар тўғрисида жуда яхши биламан", деган элчи.

Камбожа ҳукумати ҳозирча элчининг сўзларига муносабат билдирмади.