Россия спорт ишлари вазири Виталий Мутко Бутунжаҳон аксилдопинг агентлиги (WADA) расмий сайтида Ричард Макларен бошчилигидаги мустақил комиссиянинг Россияда бўлиб ўтган Сочи Олимпия ўйинларида йўл қўйилган допинг қаллоблиги текширувлари юзасидан хулосалари акс этган ҳисоботидан кейин ҳисоботда номи тилга олинган амалдорлар лавозимидан четлатилиши ҳақида маълум қилди.

"Мен бу бўйича буйруқни имзоладим. Ҳисоботда кимнинг номи келтирилган бўлса, уларнинг барчаси вақтинчаликка ишдан четлатилади.

Булар Юрия Дмитриевич (Нагорних)дан ташқари вазир маслаҳатчиси Наталья Желанова, Спорт вазирлиги қошидаги фан департаменти директори Авак Абалян, шунингдек, Ирина Родионова ва Москва аксилдопинг лабораторияси ходими Юрий Чижов", дея Мутконинг сўзларини келтиради "Р-Спорт".

18 июль куни WADA мустақил комиссияси Россия спорт вазирлигини допинг қўлланилишини бевосита назорат қилишда айблади.

Шундан сўнг WADA Мутконинг истеъфосини талаб қилди ва  ФИФАнинг ахлоқ-одоб қўмитасини Россия спорт вазири, ФИФА ижроия қўмитаси аъзоси ва Россия футбол иттифоқи раҳбари фаолиятини текширишга чақирди.

Россия президенти Владимир Путин WADA ҳисоботида тилга олинганлар вақтинчалик лавозимларидан четлаштирилишини маълум қилди.

Бироз олдинроқ WADA "россиялик спортчиларнинг Олимпиада ўйинларига қўйилиши индивидуал тартибда кўриб чиқилиши зарур"лигини қайд этиб ўтди.

Манба: Tribuna.uz