Бугун Ўзбекистонда бир юз йигирмадан зиёд фармацевтика корхонаси фаолият юритмоқда. Уларда тўқсонта фармакотерапевтик гуруҳларга мансуб тиббиётнинг турли йўналишларида қўлланиладиган икки мингга яқин номда инъекция (ампула, кукунли, инфузия), таблетка, капсула, суртма, гел, дамлама, суюқлик шаклидаги замонавий ва шифобахш дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда, 177 номда тиббий буюмлар тайёрланмоқда. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда. 

Кейинги йилларда илмий-тадқиқот муассасалари олимлари томонидан яратилган қирқдан зиёд замонавий шифо воситалари нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон тиббиётининг долзарб муаммоларини ечишда ўз самараларини бераётир. Юрак аритмиясини даволашда қўлланиладиган аллапинин, гепатитга қарши мегосин, қон тўхтатувчи лагоден, шамоллашга қарши целагрипп ва бензкетозон сингари препаратлар шулар жумласидандир.

Ўттиз еттита корхонада ISO 9001 стандарти, саккизта корхонада GMP тизими жорий этилди. 2015 йилда Ўзбекистонда маҳаллий доривор ўсимликларни қайта ишлаш, қадоқлаш ва улар асосида дори ишлаб чиқаришга ихтисослашган 89 корхона ва цех ташкил этилиб, бу вазифаларни амалга ошириш учун қарийб 50 миллион доллар маблағ ўзлаштирилди. Натижада 159 турда дори воситалари, 56 турда биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.