“Аэрофлот” авиакомпанияси Туркияга чипта сотиш ва қайта расмийлаштиришни тўхтатганлиги ҳақида маълум қилди. Бу ҳақида унинг расмий сайтида хабар берилди. 

“Росавиация 2016 йил 16 июлидан Россия Федерацияси фуқароларининг Туркияга учишини тақиқлаганлиги муносабати билан “Аэрофлот” Истанбул ва Анталияга чипта сотишни ҳамда қайта расмийлаштиришни тўхтатади (Туркиядан амалга ошириладиган рейслар очиқ)”, - дейилади хабарда. 

Росавиация тақиқни бекор қилгандан сўнг чипталар сотуви яна йўлга қўйилади. 

Туркияга 19 июлга қадар чипталарини расмийлаштирган йўловчилар уларни комиссиясиз топширишлари мумкин. Шунингдек йўловчиларга Туркия ҳудудидан парвоз муддатини қўшимча тўловлар ва комиссиясиз бир марта ўзгартириш имкони тақдим этилган.

Хориж фуқароларини Россиядан Туркия шаҳарларига ташишга рухсат берилган. Бундан ташқари, уларда авиачипталарга ўз хоҳишига кўра ёки мажбурий ўзгартириш киритиш имкони мавжуд.