АҚШ мудофаа вазирлигининг махсус кучлар бош бошқармаси (SOCOM) америкалик ҳарбийлар фойдаланадиган Android-смартфонлардан iPhone’нинг фойдасига воз кечмоқчи. Аскарларнинг тактик ҳужум тўпламига Apple’нинг энг сўнгги модели - iPhone 6S’нинг киритилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақида appleinsider маълум қилди

Манбага кўра, “айфон” - iPhone Tactical Assault Kit тўпламининг марказий элементига айланади. Аскарлар унинг ёрдамида смартфонни радиотармоққа улашлари мумкин, шунда бошқарма уларнинг жойлашувини харитадан кузата олади, шунингдек бу разведка тизимига қўшилишга (масалан, учувчисиз қурилмалардан видео олишга) имкон яратади. 

Ҳарбийлар ҳозирда фойдаланаётган Samsung Galaxy-смартфонларидан жуда норози бўлишди. Бу борадаги шикоятлар қурилманинг секин ишлаши ҳамда уни тез-тез ўчириб ёқиш кераклиги билан боғлиқ бўлган. Инсайдернинг сўзларига кўра, iPhone 6S, аксинча, “тез” ва “силлиқ” ишлайди, ундаги тасвирлар эса “жуда тиниқ”. 

АҚШ ҳарбийлари кўп йиллар давомида Apple техникасидан фойдаланишади. Масалан, iPod touch медиаплеерининг эски моделлари снайперлар учун компьютер вазифасини ўтаган.