АҚШ ва Европа Иттифоқи Жаҳон савдо ташкилотига Хитойга қарши навбатдаги даъво аризаси топширди. Бу ҳақда телеанжуман тартибида олиб борилган журналистлар учун қўшма брифингда савдо бўйича еврокомиссар Сесилия Мальмстрем ва АҚШ вакили Майкл Фроман эълон қилдилар.

АҚШ ва ЕИ Хитойнинг хом ашё маҳсулотларига экспорт квоталари ва экспорт божлари бўйича баҳслашмоқда. Вакилларнинг айтишича, бундай савдо чекловлари ЖСТ қоидалари билан тақиқланган.

Ўтган ҳафтада Вашингтон ЖСТга Хитойга қарши 9 та хом ашё маҳсулоти – графит, кобальт, магнезий, мис, қўрғошин, сурма, тальк, тантал ва рухга экспорт божлари бўйича даъво аризасини топширишини маълум қилганди.

Бу даъво Хитойнинг бозор иқтисодиётига эга мамлакат мақомига таъсир қилиши мумкинлиги ҳақидаги саволга Фроман даъвонинг бунга алоқаси йўқлигини айтди. Мальмстрем ҳам шундай фикр билдирди ва "Хитой иқтисодиётининг бозор мақоми ҳақидаги савол Хитой иқтисодиёти нобозор эканлиги шундоқ ҳам равшанлиги сабабли турмайди", деб қўшимча қилди.  

"Гап биз Хитойга биргаликда ҳужум қилиш учун бирлашаётганимизда эмас. Шунчаки кўп давлатлар Хитойда ҳаддан зиёд кўп ишлаб чиқариш қувватлари мажудлигидан хавотирланишмоқда ва Хитойдан бунга нисбатан фаол чоралар кўрилишига эришмоқчилар. Бундан Шанхайда яқинда ўтган G20 савдо вазирларининг йиғилиши натижалари ҳам дарак бермоқда. Бироқ бу даъво бу мунозаралардан мутлақ мустақил", деб айтди еврокомиссар.