“CNN Türk” телеканали бошловчиси Ҳанде Фират  Германиянинг Bild журналига берган интервьюсида Туркия президенти билан ҳарбий тўнтарув ҳаракатининг энг авжида Эрдўғаннинг ёрдамчиси билан алоқа воситаларини муҳокама қилганини сўзлаб берди. Охир-оқибат журналист аёл ва президент тарихий аҳамиятга эга бўлган қўнғироқни Apple видеоалоқаси бўлган FaceTime орқали амалга оширишган. 

Фиратнинг сўзларига кўра, 15 июль, жума куни у учун оддий иш куни бўлган: у иш кунини тугатиб, уйига борган ва дам олмоқчи бўлган. Аёлнинг ҳамкасблари Анқарада ғалати воқеалар содир бўлаётганини айтишган: кўчаларда зобитлар пайдо бўлган, уларнинг баъзилари полиция ходимларининг қуролларини тортиб олган. Шу тариқа журналистни “CNN Türk” янгиликлар студиясига қайтаришган. 

Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг ёрдамчиларидан бири - Ҳасан Дўған журналистни президент матбуотда чиқиш қилмоқчи эканлигини айтиб огоҳлантирган. Ўша пайт давлат раҳбари Мармарис меҳмонхонасида бўлган. 

“Мен матбуот учун муҳим хабар борлигини маълум қилдим. Бир соат ўтди ҳамки,  хабардан дарак йўқ, кейин маълум бўлишича, шу пайт президент жойлашган меҳмонхона устидан икки вертолёт ўқ очган бўлган экан. 

Фират президент ёрдамчисига қайта мурожаат қилиб, миллат олдида вазиятга ойдинлик киритишни сўраган. Бироқ Эрдўғаннинг ёрдамчиси хабар берилиб бўлганлигини айтган. 

“Биз Periscope орқали халққа хабар бердик”, - дея жавоб берган Дўған. Шунда Фират у ҳақида кўпчилик ҳеч нарса билмаслиги, “CNN Türk” телеканали учун ҳам махсус хабар беришни сўрайди.

“Ўша пайт меҳмонхонага уюштирилган ҳужум туфайли ҳамма у ерни тарк этиб улгурган, шу боис на камера, на бирор бир ускуна бўлмаган. Мен буни телефон орқали амалга оширишни таклиф қилдим. У президент билан маслаҳатлашиб, менда Скайп бор ёки йўқлигини сўради. Мен уларга буни FaceTime орқали амалга оширишни таклиф қилдим. Улар дарҳол менга FaceTime’дан қўнғироқ қилишди ва мен экранда президентни кўрдим”, -дейди Фират.