Франция Миллий ассамблеяси мамлакатдаги террорчилик таҳдиди сақланиб қолаётгани туфайли фавқулодда ҳолат режимини яна ярим йилга узайтирди. Бу ҳақда RFI нашри хабар тарқатди.

Қайд этилишича, фавқулодда ҳолат режими мамлакат ҳудудида 2017 йилнинг январь ойи охирига қадар амалда бўлади.

Бундан аввалроқ Франциянинг собиқ президенти Николя Саркозининг «Республикачилар» партияси фавқулодда ҳолат режимини биратўла олти ойга узайтиришни таклиф қилиб, маъмурий тинтув ўтказиш, компьютер, мобил телефон ва бошқа ахборот сақловчи воситаларни мусодара қилишни қатъий талаб қилиб чиққанди.

Францияда содир этилган охирги йирик терактдан кейин (14 июль кунги Ницца воқеалари) Олланд мамлакатдаги фавқулодда ҳолат режимини яна 3 ойга узайтирганди.