Туркия ҳукумати давлат тўнтаруви ташкилотчилари билан алоқадорликда айблов билан давлат муассасаларининг 49 мингдан кўпроқ ходимини ишдан бўшатди. Бу ҳақда 19 июлда турли манбалардан олинган маълумотларга иқтибос келтирган ҳолда Hürriyet газетаси хабар берди.  

"Вазирликлар ва давлат муассасаларидаги минглаб ходимлар ўз лавозимларидан бўшатилди. Ҳаммаси бўлиб 49321 киши бўшатилди", деб хабар берди нашр.

Hürriyet маълумотларига кўра, ҳукумат аппарати, ички ишлар вазирлиги, Таълим бўйича олий кенгаш, таълим вазирлиги, Миллий разведка ташкилоти, Дин ишлари бўйича бош бошқарма, оила ишлари ва ижтимоий сиёсат вазирлиги, молия вазирлиги ва Энергетик бозорларни назорат қилиш департаменти каби тузилмалардан 28 минг 321 ходим бўшатилган. Яна 21 минг ходим таълим вазирлигига бўйсунувчи хусусий таълим муассасаларидан бўшатилган.     

Шунингдек, Туркия таълим вазирлиги хусусий таълим муассасаларининг 21 минг ўқитувчисидан лицензияни қайтариб олган.

Аввалроқ NTV телеканали Туркиянинг Таълим бўйича олий кенгаши давлат ва хусусий олий таълим муассасаларининг 1577 декани ва профессорини истеъфога чиқаришга чақирганди.

Hürriyet газетасининг маълум қилишича, Туркиядаги таълим соҳасидаги камида 15,2 минг ходим амалга ошмаган давлат тўнтарувидан кейин ўз лавозимидан вақтинчалик четлатилган.