Озарбайжонда Zaman газетаси 25 йиллик фаолиятдан кейин фаолиятини тўхтатди. Озарбайжон матбуот кенгаши нашрнинг Туркиядаги 15 июль воқеаларига ёндашуви туфайли шундай қарорга келган.

"Биз давлат манфаатларини ҳисобга оламиз. Бугунги кунда Zaman-Azerbaycan газетаси ва zaman.az сайтининг кейинги кунлардаги воқеаларни ёритишдаги ёндашуви Озарбайжон ва Туркия муносабатларига футур етказиши мумкин", дея газета муассисларининг баёнотини келтиради АПА агентлиги.

Zaman газетаси 1991 йилнинг 24 майидан бошлаб чоп этилаётганди.

Бундан олдинроқ Озарбайжон Матбуот кенгаши газетанинг Туркиядаги исёнга нисбатан тутган позицияси ҳукумат позициясига мос эмаслиги ва исён ташкилотчилигида гумон қилинаётган Фатҳуллоҳ Гулен позициясини ифодалашидан хавотирини билдирганди. Шунингдек, кенгашнинг билдиришича, газета Туркиядаги давлат тўнтаришига уриниш ҳақида асоссиз маълумотлар тарқатган. 

Бундан олдинроқ агентликда АҚШда истиқомат қилувчи Фатҳуллоҳ Гулен билан интервью туфайли Озарбайжондаги хусусий телеканаллардан бири ANS телеканали ёпилгани ҳақида маълум қилинганди. Телеканал фаолияти ҳозирча 1 ой муддатга тўхтатилган.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Туркиядаги воқеаларни қоралаб чиққан ва мамлакат раҳбарини ҳамда унинг ҳукуматини қўллаб-қувватлашини билдирган.

Туркия президенти Фатҳуллоҳ Гуленни давлат тўнтаришига уриниш ташкилотчиси сифатида эълон қилган. Гулен эса бу ишга алоқадор эмаслигини таъкидлаб келмоқда. Шу билан бирга у ўзини Туркияга экстрадиция қилишларидан қўрқмаслигини таъкидлайди.