«Манчестер Юнайтед» «Ювентус» билан Поль Погбанинг трансфери бўйича музокаралар бошлаган. Sky Sport Italia хабарига кўра, клублар вакиллари учрашиб унинг трансфери хусусида гаплашишган.

Бундан олдинроқ манчестерликлар 101 млн евролик таклиф юборгани, бироқ бу таклиф рад этилгани ҳақида хабар берилганди.

Учрашувда француз футболчисининг агенти Мино Райола ҳам ҳозир бўлган. «Ювентус» ярим ҳимоячиси учун 120 млн евро талаб қилмоқда. Агар бу трансфер амалга ошса, Поль футбол тарихидаги энг қимматбаҳо трансферга айланиши мумкин. Айни вақтда бу мақом Гарет Бэйлга тегишли. У «Реал»га 101 млн евро эвазига ўтганди.

Қайд этиш керакки, Погба 2012 йилгача «МЮ» футболчиси бўлган ва кейин эркин агент сифатида жамоани тарк этган. Айни вақтда «Манчестер Юнайтед»дан ташқари бу футболчига«Реал» томонидан ҳам қизиқиш сақланиб турибди.

Ўтган мавсумда Погба «Ювентус» таркибида 49 ўйин ўтказиб, 10та гол урди ва 16та голли узатмани амалга оширди. Шунингдек 12 марта сариқ карточка билан огоҳлантирилди.

Манба: Tribuna.uz