Халқаро Олимпия қўмитаси Россия спорт вазири Виталий Муткога Бразилияда яқин кунларда бошланадиган 2016 йилги ёзги Олимпиадага аккредитация беришни рад этди.

ХОҚ маълумотларига кўра, бу қарор Мутконинг номи WADA аксилдопинг комиссиясининг маърузасида борлиги сабабли қабул қилинган.

Бироқ бу қарор нафақат Муткога, балки маърузада номи тилга олинган барча мансабдор шахсларга тааллуқлидир. Бундан ташқари, допинг можаросига алоқадорликда айбланаётган Россия спорт вазирлигининг вакилларига нисбатан интизомий тергов бошлашга қарор қилинган. 

Эслатиб ўтамиз, 18 июлда WADA россиялик спортчиларнинг допинг қабул қилишини гўёки яширган россиялик спорт амалдорларига нисбатан олиб борилган тергов натижаларини чоп этди. Маърузада айтилишича, бундай шахслардан бири Виталий Мутко бўлган.