Жорий йилда Сирдарё вилоятининг Сирдарё тумани ҳудудида экопарк қурилиши тўғрисида ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу лойиҳа Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси “Pengsheng” МЧЖ ҳамкорлигида амалга оширилади.

Режага замонавий типдаги футбол ўйингоҳи, теннис корти, сузиш ҳавзаси қурилиши киритилган бўлиб, бугунги кунда очиқ турдаги сузиш ҳавзаси ва футбол ўйингоҳи қурилиши якунланди. Бу ҳақда “Пенг-Шенг” қўшма корхонаси бошланғич касаба ташкилоти раҳбари Ғафур Турдиқулов маълум қилган.

Туманда жойлашган “Pengsheng” МЧЖ Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги биринчи энг йирик лойиҳаларидан ҳисобланиб, ушбу лойиҳа икки мамлакат ўзаро келишуви асосида юзага келган.

Корхонанинг қурилишига 2009 йили асос солинган бўлиб, унинг муассислигида туманда яна 8та ихтисослаштирилган масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхоналар ташкил этилган. Уларнинг барчаси “Пенг-Шенг” қўшма корхонаси раҳбарияти бошчилигида марказлашган ҳолда бошқарилади. 

Бугунги кунда ушбу корхонада керамика кафеллари, Мобил UZTE қўл телефонлари, Аёллар ва эркаклар оёқ кийимлари, уй жониворлари ва қушлар учун озуқа, сантехника кранлари, шунингдек, тери маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотлар нафақат Ўзбекистон ички бозорларига, балки экспортга ҳам йўналтирилмоқда. 

“Pengsheng” комплексида бугун 1200дан ортиқ йигит- қизлар меҳнат қилишмоқда. Ишчи хизматчиларимизнинг асосини ёшлар ташкил қилади. 

Бунёдкорлик кўлами кенг бўлиб, экопарк ҳудудида 500 ўринли амфитеатр, турли типдаги атракцион қурилмалари, шунингдек, аҳолига маиший хизмат бинолари, овқатланиш мажмуалари, савдо дўконлари ишга тушиши белгиланган.

Кишига хуш кайфият берадиган қурилиш ишлари ҳозирда жадаллик билан давом эттирилмоқда.

Янги экопарк ташриф буюрувчиларга экологик мусаффолик, маданий ҳордиқ бериш билан бирга мароқли спорт машғулотлари ташкил этиш имкониятини ҳам ҳадя қилиши кўзда тутилган.