АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакилининг биринчи ўринбосари Лорел Миллер бошчилигидаги делегация бугун Тошкентга келди. Бу ҳақда РИА Новости агентлигига Тошкентдаги АҚШ элчихонаси томонидан маълум қилинган.

Тошкент ва Вашингтон маслаҳатлашув доирасида АҚШ ва Афғонистон муносабатлари, Афғонистондаги энг сўнгги сиёсий ва иқтисодий янгиликлар, хавфсизлик ва Афғонистонни тиклаш йўлидаги халқаро ҳамжамият уринишлари мавзуларида музокара ўтказиши айтилган.

Элчихона хабарига кўра, АҚШ делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи ҳукуматлараро гуруҳнинг Марказий Осиё давлатларига сафари доирасида кечмоқда.

Америкалик дипломатлар 18-22 июль кунлари оралиғида Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатларига сафар уюштириши режалаштирганди.

Марказий Осиёдаги ҳукумат вакиллари илтимоси билан бошланган бу маслаҳатлашувлар сўнгги олти йил мобайнида мунтазам равишда ҳар йили ўтказиб келинмоқда.

Элчихона материалларида "Қўшма штатлар минтақадаги чақириқлар ва таҳдидлар ечимини топиш, шунингдек, хавфсизлик ва барқарорлик масалаларида Марказий Осиё давлатлари билан яқиндан ҳамкорлик алоқаларини олиб боришдан манфаатдор" экани қайд этилган.