АҚШ президенти лавозимига расмий номзод этиб кўрсатилган Дональд Трамп ўз тарафдорларидан номзоди расман тасдиқлангани муносабати билан 10 доллардан, унинг рақиби Хиллари Клинтон штаби эса ўз тарафдорларидан 1 доллардан пул сўради.

Трамп бир неча соат олдин Республикачилар партияси номидан президентлик сайловларида иштирок этиш учун расмий номзод қилиб кўрсатилди. 

"Диққат! Дональд Трамп АҚШ президенти лавозимига номзод қилиб кўрсатилди! Келинг Хилларига ютишга тайёрлигимизни кўрсатайлик. Қўллаб-қувватлашингизни кўрсатиш учун 10 доллардан ўртага ташланг", деб Трамп смс-хабар орқали ўз тарафдорларини чорлади.

Демократлар ҳам тезда бунга муносабат билдиришди. "Овозлар ҳисоблаб чиқилди ва Дональд Трамп Республикачилар партиясидан расман номзод бўлди. Дунё ноябрда бизга ишонч билдиради ва биз бунинг учун ҳаракат қилишимиз керак. Трампни Оқ уйга қўймаслик учун 1 доллардан ўртага ташланг", дейилмоқда Клинтон штаби хабарида.

Клинтон июнда президентлик кампанияси учун 68,5 млн доллар, Трамп эса 55 млн доллар йиға олганди. Номзодларга президентлик кампаниясини ўтказиш учун ўртача 1 млрд долларгача маблағ талаб қилиниши мумкин.