Туркиянинг Олий таълим кенгаши олий ўқув юртлари профессорлари ва муаллимларининг мамлакатдан ташқарига чиқишини тақиқлади. Бу ҳақида Reuters агентлиги хабар берди. 

Манбага кўра, Туркия бўйлаб университетлардаги 1577 нафар деканнинг истеъфога чиқиш тўғрисидаги аризасидан кейин ҳукумат “кейинги кўрсатмаларгача” илмий ходимларнинг мамлакатдан ташқарига чиқишини тақиқлаб қўйди. 

Тақиқ шахсий манфаат ва иш бўйича саёҳатларга тааллуқли. 

Куни кеча Туркияда давлат хизматчиларининг хорижга чиқиши тақиқланди. Мазкур кўрсатмалар ҳукумат, суд тизими ва ҳарбий тузилмада амалга оширилаётган “тозалаш ишлари” юзасидан берилган.