Тошкент, Фарғона ва Навоий шаҳарларида Ўзбекистонда яшаётган Россия фуқаролари учун сайлов участкалари очилади. Бу ҳақда Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси маълум қилган.

"Россия элчихонаси ҳузурида учта сайлов участкаси очилади: Тошкент, Фарғона ва Навоий вилоятларида", — дейилган элчихона хабарида.

Дипломатик ваколатхона маълумотига кўра, Тошкент шаҳридаги сайлов участкаси элчихона биносида жойлашади. Қолган участкалар манзили ҳақида кейинроқ хабар берилади.

Россия Марказий сайлов қўмитаси маълумотига кўра, дунёнинг 147 мамлакатида хориждаги россияликлар учун Давлат думаси сайловига овоз бериш ташкил этилади. Уларнинг аксарияти Россиянинг хориждаги 235та элчихона ва консуллик биноларида жойлашади. 2016 йилнинг 1 январи ҳолатига кўра, консуллик ҳисобида турган, хорижда доимий яшовчи, сайлов ҳуқуқига эга бўлган россиялик 1 903 855 киши бор.