АҚШ идоралараро гуруҳи икки томонлама консультация ўтказиш мақсадида Марказий Осиё давлатларига ташриф буюришади. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати хабар тарқатган.

Гуруҳ ҳар бир мамлакатнинг мансабдор шахслари билан АҚШнинг минтақага бўлган муносабати ҳамда Афғонистонда рўй бераётган сўнгги воқеалар хусусида фикр алмашишади. 

18−22 июль кунлари Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб ташриф уюштирган АҚШ Давлат департаментининг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Лорел Миллер бошчилигидаги гуруҳ 5та давлат ҳукуматларининг ваколатли шахслари билан учрашмоқда.

Бу каби маслаҳатлашувлар сўнгги олти йилдан буён ҳар йили ўтказилмоқда. Уларда АҚШ ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар, Афғонистондаги сиёсий ва иқтисодий ҳодисалар, хавфсизлик масалалари ҳамда халқаро кўмак кўрсатиш каби мавзулар муҳокама қилинади.

АҚШ Марказий Осиё давлатларидаги ҳамкорлар минтақадаги чақирув ва таҳдидлар, хусусан, хавфсизлик ва барқарорлик масалалари борасида ҳамкорлик ўрнатишга умид қилмоқда.