Британиялик актёр Майкл Кейн ИШИД террорчи гуруҳи туфайли ўз исмини ўзгартиришга мажбур бўлди. Бу ҳақида The Sun газетаси хабар берди

Икки карра "Оскар" мукофоти совриндорининг асл исми - Морис Жозеф Миклвайт, Майкл Кейн эса актёрнинг тахаллусидир. 

"Мен ИШИД ва унга боғлиқ ҳодисалар бошланганидан сўнг исмимни ўзгартирганман", - дея маълум қилди артист. У бундай қилишига аэропортлардаги ёқимсиз ҳолатлар сабаб бўлганлиги билан изоҳлади. 

Актёрнинг сўзларига кўра, хавфсизлик хизмати ходимлари унга "Салом, Майкл Кейн" деб мурожаат қилишган, шундан сўнг у Миклвайт номи муҳрланган паспортни уларга топширар ҳамда самолётгача етиб боришига яна бир соат вақт кутишига тўғри келарди. "Мен у ерда бир соатлаб турар эдим, шу боис исмимни ўзгартирдим", - қўшимча қилди Кейн. 

Актёр "Виночилар қоидалари", "Ханна ва унинг сингиллари", "Гамбит", "Картерни йўқотиш", "Нуфуз" ва "Бэтмен: Ибтидо" фильмларидаги роллари билан танилган.