Бишкек шаҳри полициясига Қирғизистон Олий суди биносига ўрнатилган портловчи қурилма ҳақида аноним қўнғироқ орқали хабар берилди. Шундан сўнг суд ўз ишини вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда Sputnik Киргизия хабар бермоқда.

«Бу маълумотни текшириш учун Бишкек ИИБ ва Первомайск тумани ИИБ тергов-оператив гуруҳлари воқеа жойига йўналтирилди ва улар бинони кўздан кечириш ишларини бошлаб юборди. Тегишли текширув ишларини олиб бориш учун мамлакат Қуролли кучлари бош штабининг сапёр ва муҳандислари чақирилди», – деган Бишкек шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Олжобай Казабаев.

Милиция суд биносига ўрнатилган бомба ҳақида аноним хабар берган кишининг мобил телефон рақамини аниқлашга муваффақ бўлган.

Суд биноси атрофи ҳозирда ўраб олинган.