Apple компанияси Pokemon GO мобиль дастуридаги ички харидлар орқали 3 млрд доллар ишлаб топади. Бу ҳақда 21 июлда Needham&Co брокерлик идорасига иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Агентликнинг таъкидлашича, ўйиннинг ўзи AppStore дўконидан бепул юкланади, бироқ Apple дастурга ўрнатилган харидлар орқали йирик даромад олиши мумкин. Мисол учун, 100 та PokeCoins ўйин валютаси фойдаланувчиларга 99 центга айланиши мумкин, 14,5 минг танга учун эса 100 доллар тўлашга тўғри келади.    

Needham&Co таҳлилчиси Лаура Мартиннинг айтишича, Pokemon GO’даги ички харидларга пул сарфловчи фойдаланувчилар сони Candy Crush оммабоп ўйинида қўшимча бонусларни харид қилувчи фойдаланувчилар сонидан 10 баробар кўпроқни ташкил қилади. Бу ўйиннинг 2013-2014 йилдаги тушуми 1 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилган. 

Pokemon GO ўйини 35 та давлатда расман ишга туширилган. 18 июль ҳолатига кўра ўйинни АҚШнинг ўзида 21 млн киши юклаб олган.

Reuters ахборот агентлиги маълумотларига кўра, ўйин ишга туширилгандан кейин Apple акциялари нархи 5 фоизга кўтарилган, Nintendo компанияси нархи эса икки мартадан кўпроққа ошиб, капитализация бўйича Sony’дан ўтиб кетган.