Сурия президенти Башар Асаднинг ҳисоблашича, Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған ҳарбийларнинг давлат тўнтаришига уринишни ўз фойдаси учун "хизмат қилдириб", бу муваффақиятсиз уриниш оқибатларидан ўзининг экстремистик дастурини амалга ошириш учун фойдаланади.

Ҳарбий исён бостирилганидан кейин Туркияда армия, полиция, суд тизими ва бошқа давлат органларидаги ялпи тозалашлар бошланди. Шу вақтгача, исёнга алоқадорлиги гумон қилиниб 9 мингдан ортиқ киши қўлга олинди. 60000дан ортиқ киши лавозимидан четлатилди.

"Университетларнинг ва судьяларнинг давлат тўнтаришига қандай алоқаси бўлиши мумкин? Бу Эрдўғаннинг асл ниятларини ифодалайди. Улар қандай қилиб бу турли соҳаларни аралаштириб юборишди? Эрдўған давлат тўнтаришига уринишдан фойдаланмоқда. У Туркияда "Мусулмон биродарлар" номи остидаги экстермистик дастурини татбиқ қилмоқчи. Бу эса Туркияга қўшни бўлган давлатлар учун хавф туғдиради. Жумладан, Сурияга", деган Асад Prensa Latina нашрига берган интервьюсида.

16 июлга ўтар кечаси Туркияда ҳарбийлар давлат тўнтариши амалга оширилгани ва ҳукуматни қўлга олганлари ҳақида маълум қилишди. Бироқ тонггача исён бостирилди.

Охирги маълумотларга кўра, тартибсизликлар давомида тинч аҳоли вакилларидан 190дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 100дан ортиқ исёнчи ўлдирилган. Шунингдек, 1500дан ортиқ киши жароҳат олган.