Австрия ташқи ишлар вазири Себастьян Курцнинг фикрича, Туркияда фавқулодда ҳолат жорий қилиниши авторитаризмнинг кучайишига олиб келиши мумкин. У, шунингдек, Туркиянинг Венадаги элчиси мамлакат ташқи ишлар маҳкамасига чақирилганини билдирган. 

"Фавқулодда ҳолат тартиби президентнинг кўпроқ ваколатларга эга бўлишига олиб келади ва шу боис, янада кўпроқ авторитар ҳаракатлар амалга оширилишидан хавотирдамиз", - деган Курц. "Шунинг учун биз элчини чақирдик", - дея изоҳ берган ташқи ишлар вазири.

Унинг айтишича, Австрия ташқи ишлар вазирлиги "воқеалар қайси томонга ривжланишини тушунишни хоҳлайди".

Бундан ташқари, Австрия томони мамлакатда истиқомат қилувчи минглаб туркларнинг намойишига Туркия ҳукумати туртки берганидан норозилигини билдирган. 

"Бизда Венадаги намойишлар бевосита Туркиядан туриб ташкил этилганига оид маълумотлар бор. Буни қабул қила олмаганимиз учун, -деган Курц, - норозилик билдирмоқчимиз".