Давлат рақобат қўмитаси раиси Даврон Ҳидоятов Жанубий Кореянинг Фавқулодда ва Мухтор элчиси жаноб Квон Ёнг-у билан учрашди. 

Учрашув давомида Даврон Ҳидоятов мамлакат иқтисодиётида таркибий ислоҳотларни амалга ошириш, унда хусусий секторнинг улуши ва аҳамиятини юксалтириш ҳамда давлат иштирокини қисқартиришда Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитасининг фаолияти, ўрни ва вазифалари ҳақида сўз юритди. 

Томонлар давлат органлари ва етакчи корейс компаниялари вакиллари билан ўтказиладиган учрашув ва музокараларнинг натижалари муҳим аҳамият касб этишини мамнуният ила таъкидлашди. 

Учрашув ва анжуманларни ўтказиш чоғида эришилган келишувлар иқтисодиётнинг турли соҳаларида муҳим лойиҳаларни амалга оширишда икки мамлакат ўртасидаги узоқ ва самарали ҳамкорликнинг ажралмас қисмига айланганлиги алоҳида таъкидланди.  

Шунингдек Қўмита ва Корея Республикаси ташкилотлари ўртасидаги турли соҳалардаги ўзаро ҳамкорликнинг ривожланиши икки мамлакат манфаатини кўзлаши билдирилди. 

Учрашув якунида Корея Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Квон Ён-у ўтказилган қабул учун миннатдорчилик билдириб, унинг натижаларидан мамнун бўлганлигини айтди. Шу билан бирга у Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси учрашув ва анжуманларда эришилган келишувларни амалга оширишга тайёр эканлигини маълум қилди.