Forbes журналининг Россиядаги шахобчаси мамлакатнинг 2015/2016 йиллардаги машҳур кишиларининг ишлаб топган даромади, ОАВлари ва интернет фойдаланувчиларининг эътиборига кўра рўйхатини тузиб чиқди. 

Рўйхатни бу сафар ҳам бир йилда 21,9 млн доллар даромад кўрган машҳур теннисчи Мария Шарапова бошқариб турибди. Унинг исми ОАВда 12,5 минг мартадан кўп бора ёдга олинган. Интернет фойдаланувчилари "Яндекс" қидирув хизматига 880 минг мартага яқин унинг исми шарифини киритган. Айтиш жоизки, Шарапова тўққизинчи маротаба Forbes журналининг россиялик юлдузлари рўйхатини бошқармоқда. У, икки марта – 2011 ва 2012 йилларда иккинчи ўринга муносиб кўрилган, холос. Иккала ҳолатда ҳам уни қўшиқчи Стас Михайлов ортда қолдирганди.

Иккинчи ўринга қўшиқчи Григорий Лепс 9 млн долларлик даромади билан жойлаштирилган. Бироқ, уни рўйхатдагилар орасида интернетда энг кўп – 10 млн мартадан кўп қидиришган. 

Учинчи ўринни Сергей Шнуров эгаллаган. Унинг даромади 11 млн долларни ташкил этган, ОАВда 3,4 минг марта ёдга олинган, интернетда 6 млн мартадан кўп марта қидирилган. Forbes россиялик юлдузлар рўйхатининг топ ўнлигига шунингдек, Филипп Киркоров (7,6 млн доллар), Александр Овечкин  (12,1 млн доллар), Наталья Водянова (7 млн), Сергей Лазарев (1,3 млн), Егор Крид (3,6 млн), Земфира (6 млн) ва Евгений Малкин (9,9 млн доллар) киритилган.