Австралиянинг Jetstar авиакомпаниясига тегишли самолёт Балида фавқулодда қўнишни амалга оширишига тўғри келди. Самолёт Сидней-Пхукет ороли (Таиланд) йўналишида ҳаракатланаётган бўлган. Бу ҳақида ТАСС хабар берди

Авиакомпаниянинг расмий вакили сўзларига кўра, мажбурий қўнишни амалга оширишга сархуш ҳолатдаги 6 нафар йўловчининг жанжали сабаб бўлган. 

Бали аэропортида низо иштирокчилари Индонезия полицияси томонидан ҳибсга олинди. Яқин кунларда уларнинг Австралияга топширилиши кутилмоқда. Самолёт Пхукет аэропортига бир неча соатга кечикиб қўнган. 

"Биз хавфсизлик масаласига жуда жиддий ёндашамиз ва йўловчиларга бортда тартибни бузишга йўл қўймаймиз, - дея таъкидлади Jetstar вакили. - Қолган йўловчилар бу гуруҳни рейсдан олиш қарорини қўллаб-қувватлашди ва бунинг учун экипажга миннатдорчилик билдиришди".