Олмаотадаги аксилтеррорчилик операцияси ўтказилиши давомида ҳалок бўлган полициячилар Максат Салимбаев ва Тимур Бегасилов оилаларига квартиралар берилди. Бу ҳақда полициячилар туғилиб ўсган Олмаота вилояти маъмуриятида маълум қилинди.

Вилоят раҳбари Амандиқ Баталовнинг таъкидлашича, фуқароларнинг ҳаётини олиб кетган Олмаотадаги фожиали воқеалар "нафақат ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари оилаларига, балки бутун мамлакат аҳолисига таъсир қилди". У полициячилар "жамиятни жиноий тажовузлардан ҳимоялаб ва уларнинг зиммасига юкланган бурчни шараф билан бажариб ҳалок бўлганларини" таъкидлаб ўтди.   

Аввалроқ Қозоғистон ҳукумати теракт оқибатида ҳалок бўлганлар оилаларига 15 млн тангадан (45 минг доллар), жабрланганларга 5 млн тангадан (15 минг доллар) берилишини маълум қилганди.

Олмаота ички ишлар департаменти теракт оқибатида ҳалок бўлган полициячилар яқинларини қўллаб-қувватлаш учун махсус ҳисоб рақам очди. Бутун мамлакат бўйлаб барча полициячилар бу ҳисоб рақамига бир кунлик маошларини ўтказдилар. 

18 июлда Олмаотада Олмола туман ички ишлар бўлими ва Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси департаментига ҳужум амалга оширилганди. Оқибатда ҳуқуқ-тартибот муассасаларининг 4 нафар ходими, чегарачи ва ИИВ пенсионери ҳалок бўлган. Аксилтеррорчилик операцияси давомида аввал зўравонлик қўллаш билан ўғрилик қилгани ва ўқотар қуролни ноқонуний сотиб олиб, уни сақлагани учун икки марта судланган қизилўрдалик 27 ёшли кимса қўлга олинган. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев бўлиб ўтган воқеаларни теракт деб атаган.