Россия Олимпия қўмитаси (РОҚ) президенти Александр Жуков аҳолининг Россия 2016 йилги Олимпия ўйинларига бойкот эълон қилиши зарурлиги ҳақидаги гап-сўзларига изоҳ берди. 

Бундан аввал Ричард Макларен бошчилигидаги  WADA мустақил комиссиясининг Россия аксилдопинг қоидаларини бузаётганлигига доир маърузаси оммага ҳавола этилганди.

Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) россиялик спортчиларнинг 2016 йилги Олимпия ўйинларида иштирок этиши тўғрисида қарор қабул қилганича йўқ. 20 июль куни ташкилотнинг матбуот котиби Эммануэль Моро сўнгги қарорнинг 7 кун ичида қабул қилинишини маълум қилди. 

"Биз сиёсий ва ҳар қандай бошқа соҳалардаги бойкотларга қаршимиз. Ҳозир биз Олимпия ўйинларига бойкот эълон қилишимиз тўғрисидаги гап-сўзлар кўпайди. Йўқ. Олимпиада аввал бошданоқ миллатлар ва одамларни яқинлаштириш ҳамда бирлаштиришга йўналтирилган. Мен Олимпия ўйинларини сиёсий босим қўлидаги ўйинчоқ сифатида фойдаланишига қаршиман. Фикримча, бойкот ва шу каби бошқа чоралар узоқ ўтмишда қолган", - деди Жуков "Матч ТВ" каналида қилган чиқишида. 

2016 йилги Олимпия ўйинлари 5-21 август кунлари Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтади.