Тожикистонда "Комсомольская правда" (КП) газетасининг чоп этилиши мамлакатни "Равшан ва Жумшудлар юрти" деб атаган мақола туфайли тўхтатилди. Бу ҳақида Душанбеда бўлиб ўтган брифинг чоғида КПнинг республикадаги ҳамкори ва "Тожикистон" газетаси бош муҳаррири Шариф Ҳамдампурнинг сўзларига асосланиб, Asia-Plus хабар берди. 

"Мақолани ўқиб чиқиб, унинг нафақат журналистиканинг ахлоқ нормаларига, балки профессионал қонун-қоидаларга ҳам тўғри келмаслигини тушундим. Мақолада тожиклар ва бутун бошли миллатни ҳақорат қилувчи далиллар мавжуд", - деди 
Ҳамдампур.

Мазкур мақола чиққан кун Ҳамдампур "Комсомольская правда" раҳбарияти билан боғланди. Унинг сўзларига кўра, бу ҳолатга нисбатан чора кўришга ваъда берилган, бироқ материалга ўзгартириш киритилмаган. Нашриётнинг ҳамкори газета миллат ва мамлакатни ҳақорат қилгани ҳамда бундан буён "тожик жамиятида тарқатилишга ҳаққи йўқ"лигини маълум қилди. 

Гап КПнинг махсус мухбири Сергей Пономарёвнинг 16 июль куни чоп этилган "Тожикистон: ёруғ келажак сари" мақоласи ҳақида бормоқда. Журналист Тожикистонда бўлиб, саёҳат ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашган. Матнда Понамарёвнинг саёҳатдан мақсади республикада истиқомат қилувчи руслар билан учрашиш бўлганлиги билдирилган. 

Пономарёв мақолани Тожикистонга йўл олган самолётда у ягона рус миллатига мансуб киши эканлигини айтиш билан бошлаган. "Қолганлар эса Равшан ва Жумшудлардан иборат", - деб ёзган муаллиф. 

Ҳамдапурнинг сўзларига кўра, «Комсомольская правда» Тожикистонда 2006 йилдан бери чоп этилган.