АҚШ президентлигига Республикачилар партиясидан номзод Дональд Трамп фақатгина ўз мажбуриятларини бажарадиган иттифоқдошларигагина ёрдам беришини маълум қилди. Бу ҳақида миллиардер The New York Times газетасига берган интервьюсида фикр билдирди. 

Трампнинг айтишича, у мавжуд келишувларни амалда татбиқ этишда давом этиш тарафдори. Шу билан бирга у АҚШнинг шериклари Вашингнтоннинг сахийлигидан фойдаланишни бас қилишлари кераклигини таъкидлади. 

Трампдан Россия томонидан таҳдид бўлган тақдирда, НАТО бўйича иттифоқдошларига ёрдам кўрсатиш ё кўрсатмаслиги ҳақида сўралганда, у қуйидагича жавоб берди: "Агар улар бизнинг олдимиздаги мажбуриятларини бажараётган бўлишса, унда - ҳа".

Шу билан бирга Трамп АҚШ бошқа мамлакатларга "ақл ўргатишга ҳаққи йўқ"лигини айтди. "Атрофга бир қаранг - мамлакатимизда нималар содир бўлмоқда?! Одамлар совуққонларча полиция ходимларини ўлдириб кетаётган бир пайтда қандай қилиб бировга ақл ўргатиш мумкин?", - деди миллиардер. 

Трамп Қўшма Штатлари бировга тўғри йўл кўрсатишдан аввал "ўзининг мамлакатида тартиб ўрнатиб олиши" зарурлигини таъкидлади. Шу жумладан, у Туркиядаги тўнтарув ҳаракати натижасидаги "тозалаш" жараёнига нисбатан муносабат билдирмаслигини маълум қилди