Австрияда ўқув-машғлуот йиғинини ўтказаётган Ўзбекистон терма жамоаси Вёргль шаҳрида Россия премьер-лигаси вакили “Уфа” клуби билан ўртоқлик учрашуви ўтказиб, 2:2 ҳисобидаги дуранг натижа қайд этди.

Учрашувнинг 2-дақиқасида россияликлар ҳужумчиси Марсиньо ҳисобни очди.

19-дақиқада бурчак зарбасидан етказиб берилган тўпни Элдор Шомуродов боши билан дарвозага йўллади ва ҳисобнинг 1:1 кўриниш олишини таъминлади. 21-дақиқада эса “Пахтакор” ярим ҳимоячиси Жамшид Искандеров аниқ ва кучли зарбаси билан Ўзбекистоннинг иккинчи голига  муаллифлик қилди.

Учрашувнинг 59-дақиқасида Марсиньо Ўзбекистон миллий терма жамоаси дарвозаси томон белгиланган пенальтини аниқ амалга оширди ва ҳисобни тенглаштирди - 2:2. Бу учрашувдаги сўнгги гол бўлиб қолди.  

Ўзбекистон терма жамоасининг Австрияда ўтказган йиғини бугун, 21 июль куни якунига етади. Самвел Бабаян қўли остидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўзининг навбатдаги назорат ўйинини 24 июль куни Ироқ терма жамоасига қарши, “Бунёдкор” стадионида ўтказади. Учрашув соат 19:00да бошланади.

Ўртоқлик учрашуви
20.07.2016, Вёргль, Австрия.
“Уфа” - Ўзбекистон 2:2

Голлар: Марсиньо (2, 59-пен.) - Элдор Шомуродов (19), Жамшид Искандеров (21)
«Уфа»: Шелия, Стоцкий, Тумасян, Васин, Сафрониди, Обляков, Безденежних, Ванек, Марсин, Кротов, Диего.
Ўзбекистон:  Игнатий Нестеров, Камолиддин Тожиев, Александр Мерзляков, Акмал Шорахмедов, Жамшид Искандеров, Жавоҳир Сохибов, Отабек Шукуров, Станислав Андреев, Азим Ахмедов, Шерзод Каримов, Элдор Шомуродов.