АҚШ Сурия президенти Башар Асад оиласи билан боғлиқ бир неча суриялик тадбиркорларни санкциялар рўйхатига киритди. Бу ҳақда АҚШ молия вазирлиги сайтида маълум қилинди. 

АҚШ маъмурияти маълумотларига кўра, рўйхатга киритилганлардан икки нафари – Аус Али ва Атия ал-Ҳурийнинг Сурия бизнесининг энг нуфузли шахсларидан бири – Рами Маҳлуф билан алоқалари бўлиши мумкин.

АҚШ молия вазирлиги маълумотларига кўра, ал-Ҳурий "Монета трансфер энд иксчейнж" фирмаси эгаси бўлиб, Сурия ҳукумати томонидан ваколатли шахс сифатида Сурия, Ливан ва Россия ўртасида нақд пулларни кўчиради. Бу фирманинг ўзи ҳам санкциялар рўйхатига киритилди.  

Маҳлуф эса Суриядаги энг нуфузли ва бадавлат алавит кланларидан бирининг вакили ҳисобланади. Асад айнан шу уруғ-аймоқдан чиққан. Асад онасининг қизлик фамилияси ҳам Маҳлуф бўлган. Рами Маҳлуф Асаднинг яқин қариндоши ҳисобланади.   

Шунингдек, қора рўйхатга тушган сурияликлар орасида Россияда ишлаганлар ҳам бор.  

Бу рўйхатга Суриянинг "Хеско инжиниринг энд констракшн" компаниясининг Москвадаги ваколатхонаси раҳбари Юсуф Арбаш ва бу ваколатхона молия директори Набил Тизиний ҳам киритилди.

Бундан ташқари, бу санкциялар рўйхатига  Аус Али, Салоҳ Ҳабиб, Иёд Маҳрус ҳамда Хитой фуқароси Лан Ганшань ҳам киритилган.

Рўйхатга киритилган компаниялар орасида "Аргус констракшн", "И-Кей Ультра файнэншл груп" (Кипр), "Иона стар интернэшнл" (Сурия), "Махрус груп" ва "Махрус трейдинг" (Сурия), "Монета трансфер энд иксчейндж" (Сурия) ва "Ти-раббер" (Хитой) компаниялари бор.

АҚШ молия вазирлиги вакили Адам Шубин Вашингтон "келажакда ҳам Асад тузуми томонидан қатағон чораларининг авж олиши ва хавфли қуролларнинг тарқатилишига жавобгар бўлганларга қарши чоралар" кўришини таъкидлаб ўтди.