Германия Бундестаги аъзоси, ГФР ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги кўчиб келганлар ва миллий озчилик масалалари бўйича мамлакат федерал ҳукуматининг вакили Ҳартмут Кошик Ўзбекистон мустақиллик байрамининг 25 йиллик юбилейи муносабати билан ўзбек халқи номига табрик йўллаган.

"Германия Федератив Республикаси 1991 йил 31 август куни ўз мустақиллигини эълон қилган Ўзбекистон Республикасини биринчилардан бўлиб тан олган ва Тошкентда ўз элчихонасини очган мамлакатлардан биридир.

Ҳадемай ўз мустақиллигининг 25 йиллигини нишонлайдиган ёш давлат — Ўзбекистон Республикаси халқи тарихининг илдизлари асрлар қаърига бориб туташади, унинг маданий мероси эса умумжаҳон аҳамиятига молик.

Шуни мамнуният билан қайд этишни истар эдимки, муваффақият билан ривожланиб бораётган Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро муносабатлар ўзбеклар заминида истиқомат қилаётган немис диаспораси фаровонлигига ҳам хизмат қилмоқда. Мустақиллик мамлакатда яшайдиган немисларгагина эмас, балки бошқа миллат ва элатлар вакилларининг эркин ривожланиши учун ҳам қулай шароит яратди.

Ўзбекистондаги немис диаспораси вакилларидан келаётган кўп сонли мактублар орқали шуни яхши биламанки, улар Ўзбекистонни ўз ватани деб билишгани ҳолда мамлакат фаровонлиги йўлида елкама-елка туриб меҳнат қилишмоқда.

Немис диаспораси мамлакатда муносиб ўринларига эга бўлишгани ҳолда, ўзларини мустақил Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаролари сифатида ҳис этишади.

Германия федерал ҳукумати Ўзбекистон қиёфасида ўзининг кучли ва ишончли шеригини кўради", дейилади "Жаҳон" АА хабарида.